24 Январ 2023 йил 262

Қарор мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори матбуотда эълон қилинди. Қарор мазмун-моҳияти ва унинг ички ишлар органларида қўлланилиши юзасидан Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлари, шаҳар-туман ИИБ шахсий таркиби, Фахрийлар кенгаши аъзолари, Миллий Гвардия вилоят бошқармаси ходимлари, Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчилари, вилоят Нуронийлари, Қарши шаҳар Маданият бўлими, Тиббиёт бошқармаси, Қарши ДУ ва ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Қарор мазмун-моҳияти ва унинг ички ишлар органларида қўлланилиши юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Муслимов сўзга чиқиб,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек,  ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлаш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ва бутун юртимизда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш бош мақсад этиб белгилангани, шу боис ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланганини билдирди.

Қарорда ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлатнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришиш, хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндошиш, жамиятда умумэътироф этилган одоб- ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантириш, содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик ҳолатлари ўз акссини топгани сўзга чиққан фахрийлар кенгаши раиси ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан таъкидланди.

Бундан кейин ички ишлар органларининг ҳар бир ходими Кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий ҳисобланиши, ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони эканлиги мабодо, Кодексдаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлиши иштирокчиларга тушунтирилди.

Ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиб, ўрнатилган тартибларни тубдан соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам белгиланди.

Text to speech