14 Май 2022 йил 370

Оилa тинчлиги – жaмият фaровонлиги aсоси

 

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Оила тинчлиги – жамият фаровонлиги асоси” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, бошлиғи вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очди.

- Оила – муқаддас қўрғон. Буюк алломаларимиз оилага катта эътибор қаратиб, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, асраб-авайлаш борасидаги ҳаётий хулосаларини ибратли ҳикоят-у ривоятлар, фарзандларга мактублар, ҳикматли сўзлар, шеърий сатрлар, панд-насиҳатлар шаклида ёзиб қолдирган, - деди бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев. - Хусусан, Маҳмуд Кошғарий, Aҳмад Югнакий, Кайковусдан тортиб, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Aлишер Навоий, Мирзо Улуғбек сингари буюк зотлар ўз асарларида оилавий масалалар, хусусан, ундаги муносабатлар, фарзанд тарбиясида ота-она, бобо-бувининг ўрни, комил ва ватанпарвар шахсни тарбиялашда бу қўрғоннинг аҳамияти беқиёслигини эътироф етган.

Одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашнинг ягона йўли – барқарор оила қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан туриб, давлат ва жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдурауф Фитрат, Aбдулла Aвлоний, Aбдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Aбдурашидхонов сингари маърифатпарварларимиз ҳам алоҳида таъкидлаган.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари - вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова юртимиздаги сўнгги йиллардаги ўзгаришлар, янгиланишлар силсиласида аждодлардан мерос анъанавий қадриятларимизни янада бойитган ҳолда замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди,- деди “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлигини, фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласи энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Бугун биз юртбошимиз таъбири билан айтганда, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур. Зотан, маънавияти юксак инсонларда оилага, унинг мустаҳкамлигини асрашга фидойилик кучли бўлади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги

“Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти хусусида бошқарма ММИ ва КБТХ бош инспектори капитан С.Остонов  маъруза қилди.

Вилоят ИИБ ТБ ЮТБ катта юрисконсульти капитан Э.Норманов йиғилиш қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги янгиликлар, ўзгариш ва қўшимчалар билан таништирди.

Text to speech