22 Сентябр 2022 йил 339

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБЛАРИ  

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилни  10 март кунидаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқишнинг янгиланган тартибини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом қабул қилинди.

Мазкур Низом талабларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари юзасидан илтимоснома ва аризалар:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаб турган шахс томонидан                       - доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшовчи шахс томонидан - Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлимига топширилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда

қабул қилиш тартиби.

Ўн саккиз ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин, агар у:

-  чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;

-  яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса. Ушбу шарт Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз уч йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди;

- тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

- Ўзбекистон Республикасининг Конститусиясига риоя этиш мажбуриятини  ўз зиммасига олса;

- давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

 Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда

қабул қилиш.

Ўн саккиз ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандош Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш бўйича мурожаат қилиши мумкин, агар у:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;

- тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

- Ўзбекистон Республикасининг Конститусиясига риоя этиш мажбуриятини   ўз зиммасига олса;

- давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

 Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига алоҳида тартибда қабул қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти чет давлат фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасида (Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий манфаатлардан келиб чиқиб, чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ушбу Қонуннинг 19 ва 20-моддалари талаблари қўлланилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкин.) кўрсатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкин.

Text to speech